Журналистлар Зайдийнинг озод этилишини сўрамоқда

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти АҚШ Президенти Жорж Бушга пойабзалини отган журналист Мунтадҳар ал-Зайдийни озод этишга чақирмоқда.

Қароргоҳи Парижда жойлашган ташкилот баёнотида ал-Зайдийнинг ўз норозилигини пойабзал ҳужуми билан ифодалаганидан афсус билдирилади ва айни пайтда мухбир “инсонпарварлик важидан ва вужудга келган тарангликни бартараф қилиш мақсадида” озод қилиниши лозимлиги айтилади.

Ал-Зайдийнинг президент Бушга иккала пойабзалини отгани дунё бўйлаб телевидениеда намойиш қилингани боис мухбир тез орада кўпчиликнинг диққатига тушди ҳамда Ироқ ва бошқа мамлакатларда минглаб одамлар унинг озод этилишини талаб қилмоқда.