Россия-Грузия: муаммоларни ҳал қилишда жиддий силжиш йўқ

Россия билан Грузия август ойидаги можародан кейин вужудга келган қочқинлар ва хавфсизликка оид муаммоларни ҳал қилиш борасида жиддий силжишларга эриша олгани йўқ, демоқда халқаро воситачилар.

Пайшанба куни Женевада якунланган икки кунлик музокаралар Европа Иттифоқи, Бирлашган миллатлар ташкилоти ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳомийлигида ўтказилди. Унда Қўшма Штатлар вакиллари ҳам қатнашди.

Европа Иттифоқининг вакили Пьер Моррел сўзлашувлар “ижобий руҳда ўтди” дея таъкидлаб, техник масалалар бўйича баъзи натижаларга эришилганини маълум қилди.

Лекин, дея қўшимча қилди Европа расмийси, томонлар Жанубий Осетия ва Абхазия ичида ёхуд бу минтақалар яқинида келгусида қуролли можароларнинг олдини олишга қаратилган механизмлар бўйича келиша олмади.

Томонлар 17-18 феврал куни яна икки кунлик сўзлашувларни ўтказишга келишиб олди.