ЕХҲТнинг Грузиядаги миссияси узайтирилмайди

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ўзининг Грузиядаги фаолиятини жорий йил охирида тўхтатади. Ташкилот миссияси муддатининг узайтирилишига Россия қаршилик билдирган.

Москва расмийлари фикрича, ЕХҲТ Грузияда инсон ҳуқуқлари аҳволини мониторинг қилар экан, Жанубий Осетиянинг мустақил давлат эканлигини назарда тутиши керак.

АҚШ ва Европа мамлакатлари эса бу айирмачи ўлкани мустақил давлат ўлароқ тан олган эмас.

ЕХҲТнинг Грузиядаги миссияси мандатини узайтириш учун мазкур ташкилотга аъзо 56 давлатнинг мутлақ ҳаммаси розилик бериши керак. Биргина аъзо – Россиянинг розилик бермаслиги миссия фаолияти тўхтатилиши учун етарлидир.

- Россия Грузиядаги яна бир халқаро ташкилотни йўқ қилиш учун барча ишни қилди. Россия буни атайлаб, босиб олгани ҳудудларда инсон ҳуқуқларининг оммавий равишда топталаётганига гувоҳ бўлгувчиларнинг бўлмасликларини таъминлаш учун қилди, - деди Россия қадамига муносабат билдирган Грузия ташқи ишлар вазири Григол Вашадзе.

Грузиядаги миссия таркибида шу кунда 180 киши, жумладан, Россия-Грузия можароси зонасида инсон ҳуқуқлари аҳволини кузатувчи гуруҳ аъзолари бор.