Глобал иқтисодий бўҳрон кучаймоқда

Халқаро валюта жамғармасининг етакчи иқтисодчилари, агар ҳукуматлар жаҳонда иккинчи Буюк депрессия юзага чиқишини истамаса, қўшимча сармоя сарфлашга шай турушлари лозимлигини таъкидламоқдалар.

Франция нашрларидан бирига интервью берган Халқаро валюта жамғармаси иқтисодчиси Оливиер Бланчарднинг айтишича, ҳозирда жаҳон мисли кўрилмаган иқтисодий бўҳронга юзланмоқда.

“Ҳозирги бўҳроннинг Буюк депрессияга айланиб кетишини истамасак, қўшимча сармоя ва маблағ сарфлашга тайёр туришимиз лозим”, - деди суҳбат давомида Халқаро валюта жамғармаси мутахассиси.

Айни пайтда жаҳон иқтисодининг таназзулда эканига оид янги ҳисобот эълон қилинди.

Ҳисоботга кўра, Буюк Британия иқтисодиёти башорат қилингандан ҳам тезроқ чўкмоқда ва биргина июл-сенябр ойлари давомида ялпи ички маҳсулот ҳажми 0,6 фоизга қисқарган.

Ҳозирча аниқ рақамлар эълон қилинмаган бўлса-да, жаҳондаги энг йирик иқтисод бўлмиш АҚШ да ҳам иқтисодий ўсишнинг сустлашгани ва ялпи ички маҳсулот ҳажмининг учинчи кварталда 0,5 фоизга қисқаргани тахмин қилинмоқда.