Насронийлар Мавлудни нишонламоқда

Ғарбий соҳилдаги Байтулҳам шаҳри Мавлуд ибодати учун алоҳида безантирилган.

Бу йил жаҳондаги католик насронийлари Исо Масиҳ туғилган кунни одатдагидан сўникроқ руҳда байрам қилмоқдалар.
Глобал молиявий бўҳрон дини¸ миллати¸ ирқи¸ яшаëтган юртидан фарқсиз дунë аҳолисининг аксари ҳаëтига изғирин шамоли каби кириб бораëтган айни кунларда Мавлуд байрами кўпчилик насронийларга татиëтгани ҳам йўқ.

Дунëнинг тўқ ўлкаларидаги насронийлар¸ бу бўҳрон оқибатлари келаëтган йилда янада жиддийроқ зарба беришидан чўчиб¸ байрамни одатдагидан камтарроқ нишонлаëтган бўлса¸ камбағал ва нодемократик юртлардаги насронийлар бу байрамни ўз ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилаëтган бир шароитда нишонламоқдалар.

Москванинг қор босган чеккасидаги кенгликка ўрнатилган чодир ичида Мавлуд ибодатини ўтказишга чошланаëтган Бакур Азариян¸ ана шу кейинги тоифага киради.

Дунë бўйлаб 130 миллионга яқин қавмга эга Муқаддас учлик Эммануэл черкови пастори Азариян¸ бу оқимнинг Россияда жиддий тўсиққа учраëтганини айтади.

Маъмурларнинг атайин пайсалга солиши оқибатида черковимиз ҳалиям расмий рўйхатдан ўтмаган ва шу боис қавмимизнинг ўз черковини қуриб¸ рисоладагидай ибодат қилишига ҳам рухсат йўқ¸ дейди қаҳратон совуқда чодир тикиб¸ Мавлуд ибодати ўтказишга қарор қилган пастор.

Ослода жойлашган Форум 18 ташкилоти таҳлилчиси Феликс Корли Россия ҳукуматини ноанъанавий оқимлар фаолиятини чеклаëтганликда айблайди.

- Йиллардан бери Азариян қавми Мавлуд ибодатини ўзлари сотиб олган ерга ўрнатилган чодирда ўтказишмоқда. Сабаби¸ маъмурлар уларнинг сотиб олинган бино ичида ибодат қилишига рухсат бермай келаëтир. Қаттиқ совуқ туфайли қавмнинг кўпгина аъзолари ибодатда қатнаша олмаяпти¸ дейди диний эркинлик ҳимояси билан шуғулланувчи Форум 18 ташкилоти вакили.

Россиядаги бу оқимнинг Мавлуд кунларидаги вазияти¸ аҳли энг ëмони эмас.

Миллионлаб насронийлар бу байрамни уруш¸ миллий ва мазҳабий низолар гирдобида қарши олмоқдалар.

Хусусан¸ Ироқда давом этаëтган диний ва мазҳабий асосдаги тўқнашувлар оқибатида минг йиллар давомида мамлакатда яшаб келган насронийлар саргардонликка юз тутдилар.

Тахминларга кўра¸ урушгача 800 минг атрофида деб ҳисобланган Ироқ насронийларининг ярмидан кўпи бугун ўз уй-жойини ташлаб¸ қочқинликда яшамоқда.

Мосулдаги черков пастори Закария Ивас¸ бу йилги Мавлуд ибодатининг ўта камтар бир тарзда ўтишини айтади.

- Албатта¸ бу йил ҳам ҳар йилги расм-русум қилинади. Аммо бу байрам дегани эмас. Мавлуд байрамидаги асосий ибодатимизда Ироқнинг ҳозирги бўҳрондан омон чиқишини сўраб дуо қиламиз.

Мавлуд кунлари кўнглимизга умид солиб турган ягона нарса ҳамма ироқликлар – мусулмонлар¸ насронийлар ва барча мазҳаб эгаларининг янги йилни қувонч билан қарши олишларидир. Янги йил ниятлари ва умидида баримиз бирмиз¸ дейди ироқлик пастор.

Лотин анъаналарига кўра Исо Масиҳ таваллуд кунини 25 декабр куни нишонлаëтган насроний мазҳаблари 24 декабр тунида оммавий ибодатга тўпланадилар.

Ибодатнинг энг каттаси Ватикандаги Авлиë Пëтр майдони¸ энг муқаддаси эса¸ Исо Масиҳ туғилган Байтулҳамда бўлиб ўтади.

Шарқий черковлар¸ хусусан Россия православ черкови бу байрамни 7-8 январ кунлари нишонлайди.