Ғазода қурбонлар сони ошиб бораяпти

Исроил учқичлари Ғазо минтақасида Хамас ҳаракатига тегишли иншоотларни бомбардимон қилди. Бу хабарни тасдиқлаган Исроил ҳарбийлари “террорчилар инфратузилмаси”га ҳаводан зарбалар берилганини айтди.

Хабарларга кўра, ҳужум оқибатида камида 195 нафар фаластинлик ўлган, юзлаб одам яраланган. Бу сўнгги бир неча ўн йил давомида Ғазога қарши Исроил уюштирган мудҳиш ҳужум экани айтилмоқда.

Фаластин президентининг маслаҳатчиси Ёсир Обид Рабо Ғазога босқинни тўхтатишга чақирди:

- Шу дамда биз босқинчиликнинг барча қурбонлари билан бирдам эканимизни изҳор қиламиз ва биз Ғазо секторига қарши ушбу агрессия зудлик билан тўхтатилишига чақирамиз, – дея баёнот берди Ёсир Обид Рабо.

Ҳужум Хамас ҳаракати билан Исроил ўт очишни тўхтатиш ҳақида эришган келишув муддати тугаганидан сўнг Исроилга ракета отиш кўпайганидан кейин бошланди.

Исроил расмийлари Ғазога ҳужум доирасида Хамас ҳаракати раҳбарларига ҳужум уюштириши мумкинлигини ҳам эҳтимолдан соқит қилмади.

Ҳужумга жавобан Хамас Исроилнинг жанубий ҳудудига камида 24 та ракета отгани оқибатида бир исроиллик ўлди.

Европа Иттифоқи, АҚШ ва Россия томонларни қарама-қаршиликни тўхтатишга чақирди.

Исроил Мудофаа вазири Эхуд Барак Ғазодаги ҳарбий амалиётлар давом этиши ва “кенгайиши”ни айтди. Хамас эса ўч олишни давом эттиришини билдирди.

Ғазодаги сўнгги воқеаларни муҳокама қилиш учун Араб Лигаси 28 декабрь куни Қоҳирада фавқулодда йиғилиш ўтказишини эълон қилди.