Украинага газ бериш тўхтатилди

Россиянинг Газпром ширкати Украинага табиий газ етказиб беришни тўхтатди.

Украина ўз қарзини келишилган муддат ичида тўлай олмагани бунга сабаб бўлган. Газпром матбуот вакили Сергей Куприянов муаммони янги музокаралар ўтказиш орқали ҳал этишга чақирди. Аммо унга кўра, Украина делегацияси Газпром идорасини тарк этган.

Интерфакс ахборот агентлиги хабарига кўра, Украина президенти Виктор Юшченко ва бош вазир Юлия Тимошенко эълон қилган қўшма баёнотда Украина ҳар минг куб метр газ учун 201 АҚШ долларидан ҳақ тўлашга тайёрлиги билдирилган. Аммо Газпром минг куб метр газни 250 доллардан сотиб олишни таклиф қилган. Бу Европага сотилаётган газ нархидан кам, аммо шу пайтгача Украинага етказиб берилган газ нархидан юқори.

Айни пайтда, Европа Иттифоқи Россия ва Украинани газ муаммосини ҳал этишга чақирди.