Газпром: газ можароси Европага таъсир этмайди

Украинага газ таъминотини тўхтатган Россия ушбу можаро Европа давлатларига таъсир этмаслигига ишонтиришга ҳаракат қилмоқда.

Украинани газ қарзини тўлашга мажбур қилиш учун кеча Газпром раҳбарияти бу давлатга газ таъминотини тўхтатганди.

- Айни пайтда Украина истеъмолчиларга газ таъминоти бўйича шартномамиз йўқ. Шу боис таъминотни давом эттириш учун ҳеч қандай асос ҳам йўқ. Эрталаб соат 10 дан эътиборан диспечерлик хизматларимиз ва ишлаб чиқариш бўлимларимиз Украина истеъмолчиларига узатиладиган газ миқдорини қисқартирди, - дея билдирди Газпром вакили Сергей Куприанов.

Газпром вакилларига кўра, Украина орқали Европа Иттифоқи давлатларига ўтадиган газ миқдори оширилган. Расмий Киев ҳам Ғарб давлатларига газ транзитини тўхтатмасликка кафолат берди.

Айни пайтда Европа Иттифоқи ҳамда АҚШ Россия ва Украинани газ низосини ҳал этишга қаратилган сўзлашувларни давом эттиришга чақирмоқда. Зеро, бундай аввалги тортишув Европанинг бир муддат газсиз қолишига сабаб бўлганди.

Украинанинг Нафтогаз компанияси ҳар минг куб метр газни 235 доллардан сотиб олишга тайёрлигини билдирди, бироқ транзит учун Россиядан кўпроқ пул олишни хоҳлаши ҳақида айтди. Бунга жавобан Газпром Украинани газ нархи 418 доллардан бўлиши ҳақида огоҳлантирди.