Ғазода вазият кескинлашмоқда

Исроил мудофаа вазири Эхуд Барак ҳукумат қўшинларининг Ғазо минтақасидаги амалиётлари кўзланган мақсадга эришгунга қадар давом эттирилишини маълум қилди.

Эхуд Баракнинг таъкидича, Ғазо чегарасига яқин ҳудудда истиқомат қилувчи яҳудийлар ўзини хавфсиз ҳис эта бошламас экан, ҳарбийларнинг Ҳамас аъзоларига қарши қаратилган амалиётлари давом этаверади.

Исроил бундан тўққиз кун аввал Ғазони ҳаводан ўққа тутишни бошлаган бўлса, шанба куни тунда ўз пиёда қўшинлари ва зиҳрли техникасини Ғазога киритди.

Исроил амалиётлари бошлангандан буён, нобуд бўлган фаластинликлар сони 500 кишидан ортиб кетди.

Айни пайтда¸ Ҳамас жангарилари ҳам Исроил ҳудудини ракетадан нишонга олишни ҳануз давом эттирмоқда. Бу ракета зарбалари оқибатида камида тўрт яҳудий нобуд бўлган.

Бугун Франция раҳбари Николя Саркозининг Исроилга сафар қилиши ва Ғазо бўҳронини муҳокама этиши кутилмоқда.

Айни дамларда ЕИнинг юқори лавозимли расмийларидан иборат делегация ҳам минтақада сўзлашувлар ўтказмоқда.