БМТ Ғазодаги амалиётни кескин қоралади

Бирлашган миллатлар ташкилотининг бош котиби Бан Ки Мун Ғазодаги БМТга тегишли мактабнинг Исроил томонидан ўққа тутилишини қаттиқ қоралади. Бан Ки Мун ўнлаб одамларнинг жонига зомин бўлган ҳужум “мутлақ қабул қилиб бўлмайдиган” ҳолдир, деди.

БМТ мактабни бошпана қилган фаластинликлардан камида 30 нафари ҳалок бўлганини маълум қилиб, мудҳиш ҳужум юзасидан тергов ўтказилишини талаб қилди.

Ундан аввал эса Исроилнинг Ғазодаги бошқа бир мактабни ўққа тутиши оқибатида камида уч фаластинлик нобуд бўлган эди.

Исроил ҳукумати матбуот котиби Марк Регевнинг таъкидича, яҳудий армияси ўтказган дастлабки тергов натижаларига кўра, ҳужум мактабларнинг биридан қилинган “душман ҳужуми”га жавобан амалга оширилган.

Исроил ҳукуматининг маълум қилишича, мактабга қилинган ҳужумда ўлдирилганлар орасида Хамаснинг икки жангариси бўлган.

Айни пайтда БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазодаги вазиятни муҳокама қилди.

АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс Миср президенти Ҳусни Муборакнинг ўт очишни тўхтатишга оид таклифини қўллаб-қувватлади.

- Лекин, - дея қўшимча қилди Райс, - Қўшма Штатлар узоқ муддатли ва барқарор сулҳнинг тарафдоридир ҳамда Хамаснинг қайта қуролланишига йўл қўймайди.