Исроил ва Фаластин расмийлари Мисрда учрашади

Бугун Исроил ва Фаластин расмийларининг Мисрда учрашиб, Ғазо минтақасида сулҳ ўрнатилишига оид таклифнинг техник жиҳатларини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Бу ҳақда маълум қилган Миср расмийларига кўра, учрашувга Исроил, Хамас ва Фатҳ вакиллари таклиф қилинган.

Лекин Исроил билан Хамас ўртасида бевосита сўзлашувлар бўлмаслиги айтилмоқда.

Чоршанба куни Исроил ҳукумати ўт очишни тўхтатишга оид Франция ва Мисрнинг таклифига моҳиятан қарши эмаслигини баён қилди.

Яҳудий ҳукумати матбуот вакили Марк Регев “таклиф тафсилотларини тамойилларга мувофиқлаштириш лозим бўлади”, дея таъкидлади чоршанба куни.

Қўшма Штатлар ҳам қўллаб-қувватлаган таклифда, жумладан, Мисрдан Ғазога қурол-аслаҳалар контрабандасини тўхтатишни кўзда тутилгани айтилмоқда.