Тожик журналисти калтаклаб кетилди

Тожикистонлик мустақил журналист Кўлоб шаҳрида номаълум шахслар томонидан калтаклаб кетилди.

“Пажвок” газетасининг бош муҳаррири ва Озодлик радиосининг ҳамкор мухбири Абдумўмин Шерхонов воқеа сешанба куни ишга кетаётганида рўй берганини айтмоқда.

Шерхоновни тўхтатган уч шахсдан бири ички ишлар вазирлиги ходимини гувоҳномасини кўрсатган. Шундан кейин журналистни ҳибсга олиш билан қўрқитган уччовлон уни дўппослай кетишган.

Кўчадан ўтиб кетаётган кишилар жанжалга аралашиб, Шерхоновни қутқариб қолган.

Шерхоновнинг тахминига кўра, ҳужум унинг журналистик фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкин.