Ғилоний ўз маслаҳатчисини ишдан бўшатди

Ўтган йилнинг ноябрида Мумбайдаги террор ҳуружи туфайли Ҳиндистон билан Покистон ўртасидаги муносабатлар таранглашган бир пайтда Покистон бош вазири Юсуф Ризо Ғилоний ўзининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчисини ишдан озод қилди.

Ғилонийнинг маъмурияти эълон қилган баёнотга кўра, Маҳмуд Али Дурраний миллий хавфсизлик масалаларига “масъулиятсизлик билан ёндашгани ва ўз ҳаракатларини мувофиқлаштирмагани” учун вазифасидан озод қилинган.

Ушбу қарор Ҳиндистон бош вазири Манмоҳан Сингҳ Покистоннинг “баъзи расмий идоралари”ни Мумбайдаги ҳуружга алоқадорликда айблаганидан бир кун ўтиб эълон қилинди.

2008 йил ноябридаги Мумбай воқеаларида 170 дан ортиқ одам нобуд бўлган эди.