Газ можароси Брюссел диққат марказида

Бугун Россиянинг Газпром ва Украинанинг Нафтогаз ширкатлари вакиллари Брюсселда ЕИ расмийлари билан учрашади.

Бу учрашувда Европанинг бир нечта мамлакатини газдан маҳрум қилган Москва-Киев можаросини ҳал қилиш йўллари муҳокама қилинади.

Брюсселга етиб келган иккала ширкат раҳбари даставвал Европа комиссиянинг ташқи алоқалар бўйича қўмитаси вакиллари билан музокаралар ўтказади.

Қўшни давлатлар ўртасидаги газ можароси туфайли Украина орқали Европага келадиган Россия газининг оқими чоршанба кундан бошлаб тўла тўхтатилди.

Газпром ширкати Украинани Европага транзит қилинаётган Россия газини ўғирлаганликда айбламоқда. Украина эса Россиянинг ўзи газ бермай қўйганлигини иддао қилаяпти.

Газ оқимининг тўхтатилиши қишнинг ўта совуқ кунларига тўғри келди ва Шарқий Европадаги бир нечта давлат таълим муассасаларини ёпиб қўйиш ва саноат объектларида газ ишлатилишини чеклашга мажбур бўлди.

Европа Иттифоқи Россия ва Украинадан 24 соат ичида ўзаро келишмовчиликларни ҳал қилиб, Европага газ таъминотини тиклашни талаб қилди, акс ҳолда, бунинг сиёсий оқибатлари бўлишидан огоҳлантирди.