БМТ кенгаши Ғазо бўйича резолюция қабул қилди

БМТ Хавфсизлик кенгаши Исроил ва Хамас жангарилари ўртасида дарҳол сулҳ ўрнатишга оид резолюцияни қабул қилди.

Қабул қилинган резолюция Исроилнинг Ғазодан ўз қўшинларини олиб чиқиши ва Ғазо аҳолисига инсонпарварлик ёрдамининг тарқатилишини талаб қилади.

Кенгашнинг 15 аъзосидан 14 нафари резолюция учун овоз берди. Исроилнинг яқин иттифоқчиси бўлмиш Қўшма Штатлар бетараф қолди.

Исроил ва Хамас резолюция шартларини қабул қилиб, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатадими, йўқми - ҳозирча номаълум.

Пайшанба куни кечқурун қабул қилинган резолюция Хавфсизлик кенгаши аъзолари ҳамда араб давлатлари дипломатлари ўртасида бир неча кун давом этган музокаралар махсули бўлди.

Айни пайтда, Исроилнинг ҳаво ҳужумлари бугун ҳам давом этгани хабар қилинмоқда.