БМТ раҳбари Яқин Шарққа сафар қилади

БМТ Бош котиби Бан Ки Муннинг Яқин Шарққа сафар қилишидан мақсад урушни тўхтатиш ва Ғазо сектори аҳолисига гуманитар ёрдамлар етказишга рухсат берилиши учун Исроил ва Хамасга босимни кучайтиришдан иборат.

БМТ раҳбари Исроил ва Хамас ўт очишни тўхтатиш ҳақида Хавфсизлик кенгаши қабул қилган резолюция талабларини бажармаганидан афсусланиш билдирди.

Айни пайтда Бан Исроилнинг ҳаво ва қуруқликдан ҳужум уюштириши, шунингдек, Хамаснинг Исроил ҳудудига ракета отишини тўхтатиш йўлидаги дипломатик уринишлар кучайтирилишини айтди. БМТ Бош котиби чоршанба куни Миср ва Иорданияга, сўнг Исроил, Туркия, Ливан, Сурияга боришни ҳамда Ғазо масаласида Араб Лигаси Кувайтда ўтказадиган йиғилишида қатнашишни режалаган.

Бан Ки Мун 20 январь куни АҚШнинг янги президенти Барак Обама қасамёд қилишидан бир оз олдин Нью Йоркка қайтади.

БМТ Бош котиби Яқин шарқ тинчлик жараёнини устивор масала қилиб белгилашни Обамадан илтимос қилишини айтди.