Генерал Петрэус Туркманистонга борди

Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлиги хабарига кўра, АҚШ армияси Марказий қўмондонлиги бошлиғи генерал Дэвид Петрэуснинг бугун Ашхободда Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов билан учрашиши режаланган.

Ундан олдин генерал Петрэус Қозоғистонда бўлиб, президент Нурсултон Назарбоев билан Афғонистондаги халқаро кучларга зарурий таъминотни Қозоғистон ҳудуди орқали етказиш масаласини муҳокама қилган эди. Петрэус АҚШ Қозоғистонда ўз ҳарбий базасини очишни режаламаганини айтди.

Покистонда хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашаётгани боис НАТО Афғонистонга хавфсиз муқобил йўл орқали таъминот етказиш ҳаракатига тушди.

Қозоғистон Афғонистон билан чегарадош давлат эмас. Шунга қарамай, бу мамлакат НАТО учун Афғонистонга транзит йўлининг бир қисми бўлиши мумкин.