Сулҳ қарори олқишланмоқда

Исроилнинг Ғазода сулҳ эълон қилганини кўпчилик давлатлар олқишламоқда.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ўт очишни тўхтатиш Исроил қўшинларининг Ғазодан олиб чиқилиши сари қўйилган биринчи қадам бўлиши лозимлигини баён қилди.

- Бир томонлама равишда эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш билан бирга Исроил қўшинларини олиб чиқиш муддати ҳам белгиланиши лозим. Айни пайтда Хамас томонидан ҳам тегишли жавоб бўлиши даркор. Жанглар иккала томондан тўхтатилиши шарт”, деди БМТ раҳбари.

Исроил Хамас гуруҳига қарши олиб борган 22 кунлик ҳарбий амалиётида ғалабага эришганини эълон қилган эди. Бироқ Исроил ҳукумати ўз аскарларининг ҳозирча Ғазода қолишини эълон қилди.

Лекин Фаластин президенти Маҳмуд Аббос ўт очишни тўхтатишнинг ўзи “етарли эмас”лиги, Ғазо аҳолисига инсонпарварлик ёрдамининг етказилиши учун минтақага элтувчи чегара пунктлари ҳам очилиши шартлигини баён қилди.