Обама низоли ҳудудлар бўйича махсус вакилларини тайинлади

Америкалик сенатор ва моҳир халқаро воситачи Жорж Митчел АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили этиб тайинланди.

75 яшар Митчел 1998 йилда Шимолий Ирландиядаги низога чек қўйган Белфаст шартномасининг имзоланишида муҳим рол ўйнаган.

Обама маъмурияти моҳир дипломатни Яқин Шарққа вакил этиб, Исроил ва Ҳамас ўртасида 22 кун давом этган қуролли тўқнашувлар ортидан бу минтақада тинчлик ўрнатишга жиддий бел боғлаганини билдирмоқда.

- Бу менинг маъмуриятим сиёсати бўлади. Исроил ва Фаластин ўртасида, шунингдек, Исроил ва унинг араб қўшнилари ўртасида мустаҳкам тинчлик ўрнатилишига тезроқ эришиш менинг маъмуриятим сиёсати бўлади, деди АҚШ президенти Барак Обама.

Шунингдек, президент Барак Обама малакали америкалик дипломат Ричард Холбрукни ўзининг Афғонистон ва Покистон бўйича вакили лавозимига тайинлади. АҚШнинг БМТдаги собиқ вакили 67 яшар Холбрук Босниядаги урушга чек қўйган Дейтон шартномаси муаллифларидан биридир.

Обама маъмурияти Афғонистон Покистон оралиғидаги минтақадан келаётган хавф дунё хавфсизлигига таҳдид солаётганини билдирган.