Обама моҳир дипломатларни сафарбар қилди

АҚШ президенти Барак Обама тажрибали дипломат Ричард Ҳолбрукни ўзининг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили лавозимига тайинлади.

АҚШнинг БМТдаги собиқ вакили 67 яшар Ҳолбрук Босниядаги урушга чек қўйган Дейтон шартномаси муаллифларидан биридир.

- Президент Обама мендан Афғонистон ва Покистонга махсус вакил бўлишимни сўради. Бу давлатларнинг ўзгача тарихига қарамай¸ уларни жуғрофия, этник бўлинишлар ва ҳозирги талотўплар бирлаштириб турибди. Бу жудаям машшақатли лавозим. Ҳеч ким Афғонистондаги уруш шу пайтгача самара берган дея олмайди, деди Ричард Холбрук.

Америкалик сенатор ва моҳир халқаро воситачи Жорж Митчел эса АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили этиб тайинланди.

75 яшар Митчел 1998 йилда Шимолий Ирландиядаги низога чек қўйган Белфаст шартномасининг имзоланишида муҳим рол ўйнаган.

Обама маъмурияти моҳир дипломатни Яқин Шарққа вакил этиб, Исроил ва Ҳамас ўртасида 22 кун давом этган қуролли тўқнашувлар ортидан бу минтақада тинчлик ўрнатишга жиддий бел боғлаганини билдирмоқда.