Афғонистонда норозилик намойишлари ўтди

Бугун минглаб афғонистонликлар тинч фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлган навбатдаги ҳарбий амалиётдан норозилик билдириб, президент Ҳамид Карзай ва АҚШ га қарши намойиш ўтказди.

Айни пайтда Афғонистон ва АҚШ расмийлари мамлакат шарқидаги Лағмон вилоятида амалга оширилган ҳарбий амалиёт юзасидан қўшма тергов ишларини бошлаб юборди.

АҚШ ҳарбийларига кўра, шанба куни эрталаб ўтказилган ҳарбий операция давомида 15 нафар қуролланган жангари йўқ қилинган, бироқ маҳаллий расмийларнинг маълум қилишича, амалиёт чоғида 10 нафар тинч фуқаро нобуд бўлиб, жангари гуруҳ аъзолари сифатида гумон қилинган 3 киши ўлдирилган.

- Коалиция кучлари Лағмон вилояти марказидаги нишонларга зарба берди. Ушбу ҳужум оқибатида 3 террорчи ўлдирилди ва минг афсуслар бўлсинки, аёллар ва болалардан иборат 10 нафар тинч фуқаро нобуд бўлди, – деди Лағмон вилоятининг ҳокими Лутфулло Машъал “Озодлик” радиосига.

АҚШ ҳарбийлари эса мазкур амалиёт давомида бир гуруҳ жангарилар билан тўқнаш келганликларини айтмоқда. Уларга кўра, 11 жангари отишма давомида ўлдирилган бўлса, ҳаводан берилган зарбалар натижасида яна 4 нафари йўқ қилинган.