Исландия ҳукумати истеъфога чиқди

Исландияда иқтисодий бўҳрон чуқурлашиб бораëтган бир пайтда мамлакат коалицион ҳукумати истеъфога чиқди.

Мазкур қарор мамлакат бош вазири Геир Ҳаарденинг коалицион ҳукуматдаги ҳамкорлари билан ўтказилган музокараларидан сўнг эълон қилинди.

Глобал молиявий бўҳрон зарбасида ўтган йил октябрида Исландия иқтисоди касодга учраганидан буён Ҳаарде етакчилигидаги ҳукумат катта босим остида қолаётган эди.

Исландия пул бирлиги қадрсизланишда давом этаётган айни кунларда мамлакат бўйлаб ишсизлар сони кескин тарзда ошиб кетди.