Будапештда Набукко лойиҳаси муҳокама қилинмоқда

Венгрия пойтахти Будапештда Набукко лойиҳасига бағишланган саммит иш бошлади.

Унда учрашаётган ЕИга аъзо давлатлар расмийлари ва икки йирик банк вакиллари янги газ қувурларини Европага олиб келиш масаласини муҳокама қилмоқдалар.

Россия-Украина ўртасидаги навбатдаги газ можаросидан сўнг Европани Россия газига қарамликдан қутқариши кутилаëтган Набукко лойиҳаси ЕИ учун долзарб масалалардан бирига айланди.

Саммитнинг очилишида чиқиш қилган Венгрия бош вазири Ференц Дюрчан энергия манбалари учун янги муқобил йўлларни топиш ЕИ олдида турган бирламчи вазифалардан бири эканини таъкидлади.

Набукко лойиҳаси Озарбойжон ва Марказий Осиё давлатлари газини Россиядан четлаб ўтиб, Грузия ва Туркия орқали Европага олиб келишни назарда тутади.