Россия бўйлаб намойишлар ўтказилмоқда

Бугун Россиянинг турли минтақаларида ҳукумат тарафдорлари ва мухолифатчиларнинг намойишлари бўлиб ўтмоқда.

Владивосток шаҳрида “Ягона Россия” партиясининг мингдан зиёд тарафдори ҳукуматининг иқтисодни жонлантиришга оид қутқарув режасини қўллаб-қувватловчи намойиш ўтказди.

Коммунистлар партияси ва бир нечта сиёсий ҳаракатнинг икки мингдан ортиқ тарафдори эса бош вазир Владимир Путин етакчилигидаги ҳукуматни истеъфо беришга чақирди.

Мухолифатдаги “Бошқа Россия”, “Бирдамлик” ва "Бирлашган фуқаровий жабҳа" аъзолари ҳам бугун Россиянинг турли шаҳарларида ҳукумат сиёсатига қарши норозилик намойишлари ўтказмоқдалар.

Бироқ Москва ва Санкт-Петербургда норозилик намойиши ўтказишга рухсат берилмади.

Айни пайтда Россия Ички ишлар вазирлиги рухсат берилмаган ҳар қандай норозилик намойиши иштирокчиларига нисбатан қатъий чоралар қўллаш тўғрисида огоҳлантирди.