Афғонистонда полиция ходимлари ўлдирилди

Афғонистон жанубида худкуш шахс томонидан содир этилган портлашда полициянинг 21 ходими нобуд бўлди.

Ўрузғон вилоятидаги полиция бошқармаси биносида рўй берган портлашда полициянинг яна саккиз ходими жиддий тан жароҳати олган.

Маҳаллий расмийларнинг билдиришича, мазкур ҳуруж полиция кийимида бўлган худкуш шахс томонидан содир этилган.

- Портлаш эрта тонгда полиция ходимларининг ўз вазифаларини бажараётган пайтда рўй берган. Террорчи шахснинг қандай қилиб полиция участкасига киргани ҳозирча аниқ эмас. Бу қўриқчиларнинг ҳушёрсизлиги оқибатида рўй берган бўлиши мумкин.

Ҳозирда текширув ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, полициячиларимиздан биронтаси бундай ишга қодир, деб ўйламаймиз¸ деди Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Замарай Башарий Озодлик радиосига.

Айни пайтда толибон ҳаракати полиция участкасига уюштирилган ҳужум учун маъсулиятни ўз зиммасига олди.