Ҳуқуқ ҳимоячилари қирғиз элчисидан норози

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Мемориал ва Сова ташкилотлари Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси Раимқул Аттўқуровнинг рус скинхедлари лидери билан учрашганини кескин қораладилар.

Раимқул Аттўқуров Озодлик радиосига Россия скинхедларининг Славянлар иттифоқи (Славянский союз), қисқартмада эса СС деб аталувчи ташкилоти раҳбари Дмитрий Дёмушкин билан бир неча ой давомида икки марта учрашганини билдирган эди.

- Элчихонанинг асосий вазифаларидан бири ўз фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир. Шу сабабли ҳам тақирбошлар раҳбарларида фуқароларимизга нисбатан хайрихоҳлик уйғотиш ниятида бу учрашувларни уюштирдик, деган эди элчи.

Айни пайтда инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, 2008 йил давомида Россияда миллий нафрат асосида содир этилган жиноятларда 122 киши нобуд бўлган, 377 фуқаро тан жароҳати олган.