Қирғиз мухолифати баҳорни кутаяпти

Қирғизистоннинг бирлашган мухолифати 2009 йил баҳорида бир пайтнинг ўзида бутун мамлакат бўйлаб кенг кўламли норозилик акциялари ўтказмоқчи. Бу ҳақда “Бирлашган халқ ҳаракати” штаби раҳбари Азимбек Бекназаров 5 феврал куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Асосий мақсади Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиевнинг муддатидан олдин истеъфога кетишига эришиш, коалицион ҳукумат тузиш ва мамлакатда парламент бошқаруви жорий қилишни кўзда тутувчи янги конституция қабул қилиш бўлган Бирлашган халқ ҳаракати 2008 йилнинг 24 декабрида тузилиб, унга мухолифатдаги деярли барча партия ва ҳаракатлар кирганди.

Келаётган баҳорнинг “ҳал қилувчи” бўлишини таъкидлаган Азимбек Бекназаров расмийлар бўлажак акциялар чоғида куч қўллашга уринишлари, аммо ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари халқни қўллаб-қувватлаган ҳолда намойишчиларга қарата ўт очмаслигига ишонишини айтди.