Қирғиз расмийлари мухолифат билан мулоқотга тайёр

Қирғиз расмийлари оқсоқоллар иштирокида мухолифат вакиллари билан учрашиб, зарур масалаларни ҳал қилишга қарши эмас. Бу ҳақда 6 феврал куни Бишкекда республика оқсоқоллари билан учрашган Қирғизистон давлат котиби Дўсбул Нур ўғли билдирди.

Қирғизистон президент матбуот хизматининг маълум қилишича, республикадаги таниқли жамоат арбоблари бўлган оқсоқоллар билан учрашувда улар томонидан президент Қурмонбек Бакиев номига йўлланган мурожаатнома муҳокама қилинди.

Мазкур мурожаатномада оқсоқоллар мамлакатда юзага келган ижтимоий-сиёсий вазият, хусусан, мухолифат таниқли вакиллари жиноий таъқибга дучор бўлаётгани юзасидан ташвиш билдирганлар.

Учрашувда Қирғизистон президенти маъмурияти раҳбари Данияр Усенов ва республика бош прокурори Элмурза Сатибалдиев ҳам иштирок этди.

Учрашув якунида кейинги қадам мухолифат томонидан қўйилиши кераклиги ҳақида қайд этилди.