Қозоғистон АҚШ юкларини ўтказишга розилик берди


Қозоғистон АҚШ нинг ўз ҳудуди орқали Афғонистондаги халқаро кучларга маҳсулот етказиб беришига розилик берди.


Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакилига кўра, эришилган битимга мувофиқ АҚШ ўзининг ноҳарбий маҳсулотларини Қозоғистон орқали Афғонистонга транзит қилади.


АҚШнинг Ироқ ва Афғонистондаги қўшинлари бош қўмондони генерал Дэвид Петреус ўтган ой расмий Вашингтон Россия ва Марказий Осиё давлатлари билан Афғонистонга мўлжалланган маҳсулотларни бу давлатлар ҳудуди орқали транзит қилишга келишиб олганини билдирган эди.


Афғонистондаги халқаро кучлар таъминоти Покистон шимолидаги транзит йўллар орқали амалга оширилади. Бироқ сўнги ойлар давомида жангарилар томонидан уюштирилган ҳужумлар туфайли таъминот йўли бир неча бор ёпиб қўйилди.