Афғонистонда қурбонлар сони ортмоқда

Афғонистон соғлиқни сақлаш вазирлиги бугун Кобулда ҳукумат биноларига уюштирилган ҳужумларда камида 26 киши нобуд бўлганини маълум қилди.


Вазирлик матбуот вакилига кўра, мазкур хуружларда жами 55 киши тан жароҳати олган.


Расмийларнинг билдиришича, икки худкуш шахс ўзини пойтахт шимолидаги қамоқлар устидан назорат қилувчи бошқарма олдида портлатиб юборган. Бу портлашда 10дан зиёд киши нобуд бўлган, 30га яқин фуқаро тан жароҳати олган.

Шунингдек, бугун қуролланган номаълум шахслар Адлия вазирлигига ҳужум қилган. Вазирлик қўриқчилари билан рўй берган отишмада ҳужум қилган икки шахс ўлдирилган, яна икки нафари эса ўзини портлатиб юборган.


Айни пайтда Кобул полицияси Таълим вазирлиги биносига бостириб киришга уринган худкуш шахснинг ўлдирилганини билдирди.


Толибон ҳаракати бугунги ҳужумлар учун маъсулиятни ўз зиммасига олди.