Политковская иши бўйича суд ҳукм чиқарди

Москва суди маслаҳатчилари журналист Анна Политковскаяни ўлдирганликда айбланаётган уч шахсни айбсиз деб топди.

Маслаҳатчиларнинг билдиришича, терговчилар айбланувчиларнинг мазкур қотилликка алоқадорлигини исботлай олмаган.

Ака-ука Маҳмудовлар ва Россия Ички ишлар вазирлигининг собиқ ходими Сергей Ҳожиқурбонов Политковскаяни ўлдирганликда айбланаётган эди.

Россия ҳукуматининг ашаддий танқидчиси бўлган таниқли журналист Анна Политковская 2006 йилнинг октябр ойида Москвада ўз уйи йўлагида ўлдириб кетилган эди.

Айни пайтда журналист оила-аъзолари ва ҳамкасблари қотиллик ижрочилари ва ташкилотчилари жазоланмагунча адолат қарор топмаслигини таъкидламоқдалар.