Афғонистонда 32 киши нобуд бўлди

Афғонистон расмийларига кўра, тун бўйи мамлакат бўйлаб рўй берган зўравонликлар оқибатида камида 32 киши нобуд бўлган.

Армия генерали Шоир Муҳаммад Зазайнинг билдиришича, Қандаҳор шаҳрида мотициклга ўрнатилган бомба портлаши оқибатида тинч аҳоли вакилларидан икки киши нобуд бўлган, камида етти киши, жумладан, ҳарбийлар тан жароҳати олган.

Ҳелманд вилоятида ҳукумат қўшинлари ва жангарилар ўртасида шиддатли тўқнашувлар рўй берган.

Маҳаллий расмийларга кўра, бу жангларда 18 нафар жангари йўқ қилинган.

Ўрузғон вилоятида эса АҚШ ҳарбийлари ва ҳукумат кучларининг биргаликда ўтказган амалиёти чоғида ўндан зиёд жангари ўлдирилган.