Мумбай ҳужумлари ижрочисига айб қўйилди

Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида уюштирилган қатор террор ҳужумларидан тирик қолган ягона ҳужумчига нисбатан 12та айблов илгари сурилди.

Покистонлик Муҳаммад Ажмал Касаб айбдор деб топилгудек бўлса, унга ўлим жазоси тайинланиши мумкин.

Ўтган йил ноябр ойида Мумбайда содир этилган ҳуружларда 170дан зиёд фуқаро нобуд бўлган эди.

Ҳиндистон томони бу хунрезликларда Покистондаги қуролли гуруҳларни айблаб, бу ҳужумлар ортида қўшни давлат махфий хизматлари турганини иддао қилган эди.

Покистон томони бу ҳужумларнинг қисман мамлакат ҳудудида режалаштирилганини расман тан олган бўлсада, хавфсизлик кучларининг бунга алоқаси йўқлигини таъкидлаб келмоқда.