Ғилдираги очилмаган учоқ кўпикка қўнди

Руминиянинг “Carpatair” ҳаво йўлларига қарашли самолёт мамлакат ғарбидаги аэропортга фавқулодда ҳолатда қўнди.

Бортида 47 йўловчи ва тўрт нафар экипаж аъзоси бўлган самолёт ғилдираклари очилмаганидан кейин у аэропорт атрофида икки соатча парвоз қилди.

Кейин самолёт ўт ўчирувчилар ерга сепган қалин кўпик устига қўнишга муваффақ бўлди. Авария оқибатида йўловчилар ва экипаж аъзоларига тан жароҳати етмади.

Бу воқеа самолёт Молдова пойтахти Кишинёвдан Руминияга учаётган пайтда содир бўлди.