Обама Медведевга мактуб йўллади

Президент Барак Обама¸ агар Россия Эронни ўз ядровий дастуридан воз кечишга кўндиришга кўмаклашса, расмий Вашингтон ракета ҳужумига қарши мудофаа тизими элементларини Европага ўрнатиш режасидан воз кечиши мумкинлигини билдирди.

АҚШ матбуотининг билдиришича, президент Барак Обама шу мазмундаги мактубни феврал ойи ўрталарида Россия президенти Дмитрий Медведевга йўллаган.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган Вашингтон расмийларига кўра, ҳозирча Россия томони Обама таклифига жавоб қайтармаган.

Расмий Москва Вашингтоннинг Польша ва Чехия ҳудудига мудофаа тизими элементларини жойлаштириш режасига кескин қаршилик қилиб келмоқда.

Мазкур режа АҚШ собиқ президенти Жорж Буш маъмурияти томонидан ишлаб чиқилган эди.