Путин Украинани огоҳлантирди

Россия бош вазири Владимир Путин¸ агар Украина шанба кунга қадар феврал ойи гази учун Россия олдидаги қарзини тўламаса, бу давлатга газ узатиш яна тўхтатилишидан огоҳлантирди.

Путин таъкидича, Украинанинг қарзларни ўз вақтида тўлай олмаслиги Европа газ таъминотига ҳам салбий таъсир этади.

Айни пайтда¸ Путин ҳам¸ Россиянинг давлатга қарашли Газпром ширкати ҳам Украина Давлат хавфсизлик хизматининг Нафтогаз компаниясида тинтув ўтказгани янги ташвиш уйғотганини билдирди.

Россия ўз газининг кўп қисмини айнан Украина орқали Европа давлатларига экспорт қилади.

Йил бошида Россия ва Украина ўртасида юзага чиққан газ можароси туфайли Европанинг кўпгина давлатлари қишнинг совуқ кунларида газсиз қолди.