Пхеньян яна таҳдид қилди

АҚШ ва Жанубий Корея қўшинларининг ҳар йили ўтказиладиган ҳарбий амалиётлари арафасида Шимолий Корея ҳукумати мамлакат қўшинларини жанговар ҳолатга келтирди.

Шимолий Корея АҚШ ва ўз қўшниси Жанубий Кореяни агрессияда айблаб, бундай ҳаракатларга муносиб жавоб қайтаришга тайёр эканини маълум қилди. Шунингдек, расмий Пхеньян фазога учиришга тараддуд кўрилаётган сунъий йўлдошнинг бу давлатлар томонидан уриб туширилишини уруш ҳаракатлари деб баҳолаши тўғрисида огоҳлантирди.

Вашингтон ва Сеул расмийларининг таъкидича, Шимолий Корея сунъий йўлдош учириш баҳонасида узоқ масофага парвоз қиладиган ракета синови ўтказишни ҳам режалаштирмоқда.

Ўтган ҳафта расмий Пхеньян ўз ҳудуди узра парвоз қилаётган Жанубий Корея йўловчи самолётлари хавфсизлигига кафолат бера олмаслигидан ҳам огоҳлантирди.