Тибет қўзғолонига 50 йил тўлди

Далай Лама Хитой ҳукуматини Тибетда қўрқув сиёсати юритаётганликда айблади.

Хитойга қарши Тибетда уюштирилган исённинг 50 йиллиги муносабати билан гапирган Далай Лама Хитой бошқаруви натижасида юз минглаб тибетлик нобуд бўлгани, Тибет маданияти ва ўзлиги деярли йўқ қилинганини таъкидлади.

- Коммунистлар бу йўлда турли усулларни ишга солдилар – бўҳтон орқали жамоатчилик фикрини чалғитиш¸ пул ва мукофот улашиш¸ айни пайтда¸ зўрлик¸ қамаш ва қийноқ¸ шулар жумласидандир. Аммо Тибет руҳи асло йўқ бўлмади¸ деди Далай Лама.

Буддавийлар раҳбари Далай Лама Хитой ҳукуматини Тибетга қонуний ва ҳақиқий ўлка мақомини беришга яна бир бор ундади.

Расмий Пекин Тибетдаги 1959 йилги исённинг 50 йиллиги арафасида бу ерга хавфсизлик кучларининг қўшимча аскарларини сафарбар қилди.

Ўтган йил Тибетда ўтказилган хотира тадбирлари ҳукуматга қарши қаратилган оммавий норозиликларга айланиб кетган эди.