АҚШ Покистонга яна зарба берди

АҚШ қўшинларининг Покистонда амалга оширган навбатдаги ҳаво зарбалари оқибатида камида 20 киши нобуд бўлди.

Покистоннинг қабилалар истиқомат қилувчи Куррам туманидаги зарбаларнинг учувчисиз бошқариладиган АҚШ самолётлари ёрдамида амалга оширилгани тахмин қилинмоқда.

Маҳаллий расмийларнинг билдиришича, ушбу зарбаларда жангарилар базаси ва машғулот лагери нишонга олинган ҳамда нобуд бўлганларнинг аксарини толибон ҳаракатига алоқаси бўлган жангарилар ташкил этган.

Ўтган йил давомида АҚШнинг учувчисиз бошқариладиган самолётлари ёрдамида Покистон ҳудудидаги нишонлар 30 маротаба нишонга олинган. Бу зарбаларда жангарилардан ташқари тинч аҳоли вакилларининг ҳам нобуд бўлгани айтилади.

Покистон ҳукумати бундай зарбалар юзасидан АҚШга ўз эътирозини тинимсиз равишда билдириб келмоқда. АҚШ томони эса¸ камдан- кам ҳолда бу зарбаларнинг америкалик ҳарбийлар томонидан амалга оширилганини тан олади.