G-20 иқтисодчи ва банкирлари Британияда учрашди

Жаҳоннинг иқтисоди тараққий этган 20 давлати молия вазирлари ҳамда Марказий банк раҳбарлари бугун Англия жанубида йиғилиб, глобал иқтисодий бўҳронга қарши курашиш йўлларини муҳокама этмоқда.

Ҳозирда глобал иқтисодий инқирозни бартараф этиш борасида бу давлатлар орасида қарашлар бўлинган.

Жумладан, АҚШ иқтисодни рағбатлантириш учун кўпроқ пул ажратилиши керак, деб ҳисоблайди. Бироқ баъзи Европа ҳукуматлари, хусусан, Германия ва Франция молиявий бозорларни бошқарадиган қонунларга ўзгаришлар киритилишини ва молия бозори устидан кучлироқ назорат ўрнатилишини исташмоқда.

Хоршам шаҳрида ўтаётган учрашувга мезбонлик қилаётган давлат Британия молия вазири Алистэр Дарлинг учрашув давомида қарашлардаги тафовут барҳам топишига умид билдирди.

Бу учрашув G-20 нинг апрел ойида Лондонда бўладиган саммитига тайёргарлик мақсадида уюштирилмоқда.

G-20 жаҳон иқтисодининг 80 фоизига масъул бўлган энг бадавлат ва қудратли мамлакатларнинг норасмий гуруҳидир.

Унинг таркибига АҚШ, Германия, Франция, Япония, Жанубий Корея каби йирик саноатчи давлатлар билан бир қаторда Бразилия, Хитой, Россия, Туркия, Саудия Арабистони каби тараққий топаётган мамлакатлар ҳам киради.