G-20 иқтисодий ўсишни таъминлайди

“Катта йигирмалик” гуруҳига аъзо давлатлар иқтисодий ўсишни таъминлаш учун зарур барча чораларни кўриш мажбуриятини олди.

Англияда йиғилган “Катта йигирмалик” гуруҳига аъзо давлатлар молия вазирлари ва Марказий банк раҳбарлари ўзаро сўзлашувлардан сўнг айни мазмундаги баёнотни қабул қилдилар.

Анжуманга мезбонлик қилган Британия молия вазири Алистар Дарлинг барча иштирокчилар иқтисодий ўсишни қайта жонлантириш учун лозим барча чораларни кўришга келишиб олганини маълум қилди.

-Барчамиз нимаики лозим бўлса ва қанча муддат лозим бўлса, барчасини қилишга тайёрмиз. Қилинажак ишлар ҳар бир давлатда бир хил бўлмайди. Лозим чораларни молия вазирлари ва ҳукуматлар маълум вақтда белгилаб беришлари керак бўлади, - деди Британия молия вазири Алистар Дарлинг.

Анжуман иштирокчилари оғир вазиятга тушиб қолга давлатларни қутқариш учун Халқаро валюта жамғармасига зудлик билан қўшимча маблағ ажратишга ҳам келишиб олди.

Ушбу сўзлашувлар апрел ойига режалаштирилган “Катта йигирмалик” давлатлари раҳбарларининг учрашувига тайёргарлик сифатида ўтказилди.