Покистонда жангарилар полицияга ҳужум қилди

Покистон шимол-ғарбида жангарилар билан рўй берган отишмада полициянинг уч ходими нобуд бўлди, икки нафари тан жароҳати олди.

Гувоҳларнинг билдиришича, ўнлаб жангари Чокдара шаҳарчасида полиция патрул хизматига ҳужум уюштирган. Томонлар ўртасида рўй берган отишмадан сўнг, жангариларнинг барчаси қочишга муваффақ бўлган.

Отишма рўй берган ҳудуднинг қабилалар истиқомат қилувчи Бажаур вилояти ва Сват водийсига яқин экани айтилмоқда.

Ўтган ой Покистон ҳукумати Сват водийсидаги жангариларни жиловлаш мақсадида минтақада шариат қонунларини жорий этишга розилик берди.