Ироқ урушига олти йил тўлди

АҚШ қўшинларининг Ироққа бостириб кирганига олти йил тўлди.

Сўнгги ойлар давомида Ироқда амалга оширилаётган зўравонликлар кўлами сезиларли равишда кескин камайди.

Ассошиэйтид пресс ахборот агентлигига кўра, жорий йилнинг биргина феврал ойида мамлакат бўйлаб содир этилган зўравонликлар оқибатида хавфсизлик кучлари ва тинч аҳоли вакилларидан 288 киши нобуд бўлган. Ўтган йилда бу рақам 769 кишини ташкил этган.

АҚШ ҳарбийларининг Ироқ ҳудудини тарк этиши кутилаётган бир пайтда Ироқ қўшинлари мамлакат хавфсизлигини таъминлаш вазифасини ўз зиммасига олишга тараддуд кўрмоқда.

АҚШ 2011 йилга қадар ўз қўшинларини Ироқдан тўлиқ олиб чиқиш ҳақда Бағдод ҳукумати билан шартнома имзолаган. Келаси уч ой мобайнида АҚШ ҳарбийлари Ироқнинг йирик шаҳарларини тарк эта бошлайди.