Обама молия вазирини ишдан бўшатмоқчи эмас

АҚШ президенти Барак Обама молия вазири Тимоти Гайтнерни ишдан бўшатиш ниятида эмаслигини маълум қилди.

АҚШ телевидениесига берган интервьюсида Обама ишдан бўшаш тўғрисидаги аризани Гайтнернинг ўзи берган тақдирда ҳам уни қабул қилмаслигини айтди.

АҚШда иқтисодий бўҳрон чуқурлашган сайин мамлакат молия вазири Тимоти Гайтнер жиддий танқидларга учрамоқда.

АҚШ ҳукумати улкан AIG суғурта компаниясини қутқариш учун солиқ тўловчилар ҳисобига компанияга 170 миллиард долларлик ёрдам ажратди.

Ушбу компания топ-менежерлари эса бу пулдан ўзларига 165 миллион мукофот пули олдилар.

Бу ҳолат АҚШ жамоатчилиги ва президент Обамани ғазаблантирган бўлса ҳам, мукофотларни тўхтатиб қолиш Гайтнернинг қўлидан келмади. Жорий ҳафтада молия вазири Гайтнер ўзининг АҚШ банк тизимини қутқариш режасини эълон қилади.