Гайтнер қўшимча ваколат сўрамоқда

АҚШ Молия вазири Тимоти Гайтнер Конгрессдан мамлакат молия ва банк тизимини тартибга солиш борасида ўзига қўшимча ваколат берилишини сўради.

Конгрессдаги тингловларда жаноб Гайтнер давлат касодга юз тутаётган йирик молия муассасалари устидан назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлиши кераклигини таъкидлади.

Душанба куни АҚШ Молия вазирлиги муаммога дуч келаётган мамлакат банкларини қутқаришга оид ҳукумат режасини ошкор қилган эди.

Режада АҚШ ҳукумати "Давлат-xусусий сармоя дастури" орқали банкларнинг касод бўлишига олиб келаётган бир триллион долларгача бўлган қимматбаҳо қоғозларни сотиб олиши кўзда тутилган.

АҚШ президенти Барак Обама ҳукуматнинг мазкур режаси хусусида гапира туриб, унинг мамлакат иқтисодини қайта тиклашда кескин бурилиш ясашини таъкидлади.