Хитойда YouTube порталига тўсиқ қўйилди

Хитой ҳукумати сешанба куни Интернетдаги оммабоп YouTube видео порталини тўсиб қўйган. Бу ҳақда YouTube эгаси ҳисобланган Google ширкати маълум қилди.

Сайт тўсилишига ўтган йили Тибетда норозилик намойишларининг бостирилиши акс этган видео лавҳа сабаб бўлгани айтилмоқда.

Шу куннинг ўзида Хитойнинг расмий "Синхуа" ахборот агентлиги YouTubeда пайдо бўлган бу видеотасвирларни сохта, деб атади.

Интернетдаги оммабоп YouTube сайтида нафақат видеоклипларни томоша қилиш, балки ҳар бир одам ўз видеотасвирларини қўйиш ҳам мумкин.

YouTubeда ўзбекча видеоклиплар ҳам бор, лекин ушбу портал Ўзбекистонда ҳам тўсиб қўйилгани айтилади.

2005 йил февралида ташкил этилган YouTube интернет порталини 2006 йил ноябрида Google 1 миллиард 650 миллион долларга сотиб олган эди.