Жангарилар полиция академиясига ҳужум қилди

Покистоннинг Лаҳор шаҳрида қуролланган номаълум шахслар полиция академиясига ҳужум уюштирди.

Ҳозирча талафотлар тўғрисида расмий маълумот ошкор қилинмади.

Полиция ва маҳаллий ахборот агентликлари хабарига кўра, ҳужум оқибатида полициянинг 20 га яқин ходими нобуд бўлди, 80 га яқини тан жароҳати олган.

Жангарилар ҳужумидан омон қолган полициячи Покистон телевидениесига мана бундай деди:

-Эрталаб, чамаси, соат етти яримларда барчамиз академия ҳовлисида тўпланиб турган эдик. Шу пайт тўрт ёки беш жангари девордан ошиб ўтиб, даставвал полиция ходимларига қўл гранатаси улоқтирди. Кейин улар барчани автоматдан ўққа тута бошлади.

Жон сақлаш мақсадида ҳамма ҳар ёнга чопиб кетди. Мен билан яна уч киши қочиб қутулишга муваффақ бўлдик. Маҳаллий шифокорлар бизга ёрдам кўрсатиб, барчамизни шу ерга олиб келди,-деди покистонлик полициячи.

Воқеа жойидан келаётган сўнгги хабарларга кўра, ҳозирда хавфсизлик кучларининг юзга яқин ходими академия биносини қуршовга олган. Академия ичкарисида ўнлаб полиция ходимларининг қолгани таҳмин қилинмоқда.

Мазкур ҳуруж ортида ким тургани ҳозирча маълум эмас.