Умар ал-Башир Араб давлатларидан мадад кутмоқда

Судан президенти Умар ал-Башир Араб лигасига аъзо давлатлар етакчиларини ўзининг ҳибс этилишига оид Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди томонидан берилган ордерга қарши резолюция қабул қилишга чақирди.

Ўтган ой Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди Судан президентини инсониятга қарши жиноятлар содир этганликда айблаб, уни ҳибсга олиш тўғрисида ордер берган эди.

Бугун Доҳада иш бошлаган Араб лигасига саммити чоғида чиқиш қилган Судан раҳбари “икки юзламачилик сиёсати террорчиликни келтириб чиқаради”,деган фикрни билдирди.

Сурия президенти Башар ал-Ассад Араб давлатлари етакчиларини Судан президенти Умар ал-Баширни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Шунингдек, Доҳадаги саммитда чиқиш қилган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Судан ҳукуматини Дарфурдан инсонпарварлик ташкилотларини чиқариб юбориш тўғрисидаги қарорини қайта кўриб чиқишга чақирди.