Афғон масаласига бағишланган анжуман ўтади

Бугун Ҳаага шаҳрида Афғонистонга бағишланган бир кунлик халқаро анжуман бошланади.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Афғонистонга бағишлаб ўтказиладиган анжуманда Эрон делегацияси билан учрашиш ниятида эмаслигини айтди. Шунга қарамай, Клинтон Эрон чегара хавфсизлигини таъминлаш ва наркотиклар контарабандасига қарши курашда ёрдам беришни ваъда қилишига умид билдирди.

АҚШнинг Афғонистон ва Покистондаги махсус вакили Ричард Ҳолбрук тўқсонга яқин давлат ва халқаро ташкилотлар вакилларининг иштироки БМТ ҳомийлигида ўтказилаётган мазкур анжуман мақсадининг муваффақият билан амалга ошишига кафолат эканини айтди.