Ўшда ишсизлар кўпаймоқда

Қирғизистонлик минглаб меҳнат муҳожири Россиядан қайтаётгани боис Ўш вилоятида ишсизлар сони кескин кўпаймоқда.

Миграция бўйича Ўш вилоят қўмитаси раҳбари Нуриля Жўлдўшеванинг Озодлик радиоси қирғиз шўъбасига айтишича, ўтган йили вилоятда ишсиз сифатида расман рўйхатга олинганлар сони ўн минг бўлган. Ҳозирда бу рақам 17,5 минг кишини ташкил этмоқда.

Маҳаллий мутахассислар, агар ҳукумат қисқа муддат ичида янги иш жойлари ташкил этмаса, вилоятда ижтимоий вазият таранглашиши мумкин, деган фикрда.